logo
Orqaga qaytish

Кадрлар тайёрлаш – ўзбек автосаноати ривожланиши йўлидаги устуворлик

13.05.2019

Ҳар қандай тармоқнинг муваффақиятли ривожланишидаги бош омил – бу замонавий техника ютуқлари асосида юқори малакали кадрларни тайёрлашдир. Автомобилсозлик тармоғида қўлланиладиган технологияларнинг узлуксиз тадрижий ривожланиши ёш мутахассисларни ўқитиш ва ишлаётган кадрларнинг малакасини оширишнинг ишчан тизимини тақозо этади.

Талабалари учун имкониятларни мунтазам кенгайтириб бораётган Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ушбу устувор йўналишда жўшқин фаолият юритмоқда.

Юқори малакали кадрларни тайёрлаш шароитларини яхшилаш мақсадларида, жорий йил 6–8 май кунлари Ўзбекистонга Турин политехника университети (Италия)нинг ректор Гуидо Сорокко бошчилигидаги делегацияси ташриф буюрди.

Ушбу ташриф давомида жаноб Сорокко “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Ш. Умурзоқов билан қатор музокаралар ўтказди, улар давомида Италия университети билан Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети (ТТПУ)ни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама этилди.

Жумладан, автомобилсозлик, энерегетика ва кимё соҳалари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш йўналишларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, “Автомобиль инжиниринги” йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратуранинг янги йўналишларини очиш режалаштирилмоқда.
университетлар ҳамкорлиги дастури таълим, илм-фан ва тармоқлардаги ишлаб чиқариш жараёнларининг интеграциясини амалга ошириш, шунингдек, амалий фанларни ўрганишни чуқурлаштиришга урғу берган ҳолда, ихтисослаштирилган предметлар сонини ошириш орқали ўқув дастурларини оптималлаштириш имконини беради. Янги таълим дастурлари асосида нафақат бўлажак дипломли мутахассислар, балки, малака ошириш дастури доирасида, UzAuto корхоналарининг амалдаги ходимлари ҳам таҳсил олишлари мумкин бўлади.

Италия томони университетнинг Тошкент филиалига лабораториялар ва технопаркларни модернизациялашда ва янги технологияларни жалб қилиб, уларнинг моддий-техник базасини босқичма-босқич такомиллаштиришда кўмак беради. Шунингдек, Италия университети билан ҳамкорлик ушбу университет кутубхона ресурсларидан фойдаланишнинг очилиши орқали ТТПУ кутубхонаси ривожига ҳам хизмат қилади.

ТТПУнинг Италиядаги Турин политехника университети билан ҳамкорлиги дастури Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан хорижий талабаларни таълим олиш учун Тошкентга жалб қилишни ўз ичига олади.

Музокаралар якунига кўра, Италия томони юқорида келтирилган вазифаларни ҳал этишда ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди.

Қайд этиш ўринлики, Турин политехника университети ўзининг Тошкентдаги филиалини ўз тармоғидаги бутун дунёдан талабаларни жалб қилишга муносиб, рақобатбардош бўлинмаларидан бири деб билади. Ҳозирда ТТПУда Италиядан келган 47 нафар профессор сабоқ беради.

Турин политехника университети – Politecnico di Torino – Италиядаги энг қадимий техник институтлардан бири бўлиб, Туринда 1859 йилда таъсис этилган. Бугунги кунда Турин политехника  университети юқори тоифали муҳандислар ва архитекторлар манбаи сифатида танилган ва дунё олий таълим муассасаларининг етакчи юзталигига киради.

fffff

 

Boshqa yangiliklar

tepaga