logo
Orqaga qaytish

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ ВА “ЎЗАВТОСАНОАТ” АЖ МОБИЛ БОЛАЛАР БОҒЧАЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТДИЛАР

04.10.2019

Тошкентда одатий МТТ қурилиши имконсиз бўлган узоқ қишлоқ жойлари, тоғли туманлар ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари учун мўлжалланган мобил ва модулли мактабгача таълим ташкилотларининг тақдимоти ўтказилди. Мобил МТТ лойиҳаси Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим соҳаси сиёсатини шакллантириш ва юритиш бош бошқармаси ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан амалга оширилди.

Мактабгача таълимнинг муқобил шакллари тақдимотида 16 та қайта жиҳозланган автобус, ўйин майдончасига эга тураргоҳнинг 2 та модели ва 2 та модулли МТТ намойиш этилди.

 Isuzu HC 40 автобуслари базасидаги мобил МТТ белгиланган йўналиш бўйича қатнайди. Мобил гуруҳларда бўлиш давомийлиги уч соатдан ошмайди, болаларнинг максимал сони эса, 3-7 ёшдаги 16 нафар бола бўлади. Машғулотларни барча тарбияланувчилар учун қизиқарли қилиш учун, МТТ мутахассислари турли ёшдаги гуруҳлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқдилар, педагоглар эса, тегишли ўқувни битирдилар.

Таълим-тарбия жараёни иккита сменада ўтади, мажбурий овқатланиш ташкил этилмайди, лекин енгил тамаддини иситиб олишни кўзда тутилади. Машғулотларнинг салмоқли қисмини очиқ ҳавода ўтказиш режалаштирилган. Бунинг учун йўналишнинг ҳар бир нуқтасида шийпонли, тўсиқли, ўриндиқли, тепалик, арғимчоқ, ўйин уйчаси ва қумхонали тураргоҳ жиҳозланган бўлади.

Тақдимотда мобил ва модулли МТТларни ташкил қилиш – бу минтақаларда мактабгача ташкилотларнинг кескин етишмаслиги тақозо қилган муҳим қадам эканлиги қайд этилди. Татбиқ этишнинг рекорд даражада қисқалигидан ташқари, мактабгача таълимнинг муқобил шакллари камхаржлиги билан ҳам ажралиб туради. Чунончи, битта одатий МТТ қурилиши ўрнига 7 та модулли МТТ ўрнатиш ёки 7 та автобусни ишга тушириш ва бир неча минтақалардаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш мумкин.

Мобил МТТ лойиҳаси доирасида “Ўзавтосаноат” АЖ мутахассислари автобусларни қайта жиҳозлаш ва ҳайдовчиларни ўқитиш билан кифояланиб қолмай, шўъба корхоналари базасида болалар майдончалари учун мебель ва керакли ашёлар тайёрлашни ҳам йўлга қўйдилар. Ишлаб чиқариш бутунлай маҳаллий бўлиб, бу керак бўлганда автопаркни тезкор кенгайтириш имконини беради. Бундан ташқари, автобусларга йўналишни ва ҳар бир нуқтада туриш вақтини назорат қилиш учун трекерлар ўрнатилади.

Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги модулли мактабгача ташкилотлар намуналарини тақдим этди. Ҳар бир конструкция ўзаро боғланган денгиз контейнерларидан иборат. Асосий макон ўқитиш-ўйнаш ҳудудига ажратилган бўлиб, болалар мебели, ўйинчоқлар ва ўқув материаллари билан таъминланган. Тўлиқ кунли гуруҳлар учун енгил, йиғилувчан кроватлар кўзда тутилган.

Бугуннинг ўзидаёқ мобил МТТ лойиҳасига республика бўйлаб 44 та нуқта киритилган бўлиб, у жами 2000 нафар болани қамраб олади. Қайд этиш жоизки, мобил МТТларга қатнаш бепул бўлади.

Мобил мактабгача ташкилотлар лойиҳачилари Турин политехника университети мутахассислари бўлдилар, модул МТТларни эса, “UzAutoTrailer” компанияси муҳандислари лойиҳалаштирдилар. Улар қайд этишларича, мобил ва модулли МТТларни қуришда ва безатишда иссиққа ва ўтга чидамли, саломатлик учун хавфсиз материаллар ишлатилади.

Boshqa yangiliklar

tepaga