logo
Orqaga qaytish

“Ўзавтосаноат” АЖ – “2019 йилнинг энг яхши иш берувчиси”

10.10.2019

“Энг яхши иш берувчи – 2019” IV йиллик танловида давлат компаниялар орасидаги “2019 йилнинг энг яхши иш берувчиси” соврини “Ўзавтосаноат” АЖга топширилди. Шунингдек, “Талабалар орасида энг талабгир иш берувчи” совринига давлат компаниялари орасида UzAuto Motors компанияси сазовор бўлди.

DaVinci Management Consulting компанияси ташкил этган ҳар йилги танлов – бу давлат, маҳаллий ва халқаро компанияларига уларнинг Ўзбекистон инсон капиталини ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун мукофотдир. Танлов ғолиблари уч босқичли ўрганиш: ички HR-аудит, компания ходимлари орасида аноним сўров ўтказиш, талабалар ва иш изловчилар ўртасидаги сўров асосида саралаб олинди.

Ўзбекистоннинг энг йирик ишлаб чиқариш корхонаси ўлароқ, “Ўзавтосаноат” АЖ олдига қўйилган мақсадларга эришишнинг муҳим бўғини кадрлар ҳисобланади. Бозор муносабатлари шароитида мақсадга фақат етарлича самарали кадрлар сиёсати бўлгандагина эришиш мумкин. Компания 85 дан ортиқ корхонани ўз ичига олади, улардаги ишлаб чиқариш жараёнларида 27 мингдан зиёд киши фаолият юритади. Табиийки, ҳар бир муваффақият ортида мана шу ходимлар хизмати туради.

Ҳозирги кунда “Ўзавтосаноат” АЖ кадрлар сиёсати эски тизимдан ходимлар бошқарувининг замонавий услублари – HR-менежментга ўтиш босқичини бошидан кечирмоқда.

Йиллик танловнинг бош совринини қўлга киритиш компаниянинг ходимлар садоқатини оширишга, энг қобилиятли иш изловчиларни жалб қилишга ва бу орқали компаниянинг умумий самарадорлигини оширишга имкон берувчи унумли кадрлар сиёсатига яна бир бор далолат қилади.


Boshqa yangiliklar

tepaga