UzAuto Motors компанияси DaVinci Management Consulting консалтинг компанияси ташкил қилган “Йилнинг энг яхши иш берувчиси” мукофоти доирасида “Иш изловчиларнинг талқинига кўра энг кўп орзу қилинган иш берувчи” номинациясида фахрли соврин соҳиби бўлди.
DaVinci Management Consulting компанияси ташкил этадиган ҳар йилги мукофот – бу Ўзбекистонда инсон капитали ривожланишига қўшган ҳиссалари учун давлат, маҳаллий ва халқаро компанияларга берилувчи совриндир. Мукофот ғолиблари уч босқичли тадқиқот асосида сараланди: ички HR-аудит, компания ходимлари ўртасида аноним анкеталаш, талабалар ва иш изловчилар ўртасида сўров.
Қайд этиш ўринлики, UzAuto Motors компанияси кетма-кет учинчи йил ушбу номинацияда етакчи бўлмоқда. Ҳар йилги мукофотнинг бош совринини олиш компаниядаги самарали, ходимлар садоқатини ошириш ва энг иқтидорли иш изловчиларни жалб қилиш, шу орқали компаниянинг умумий унумдорлигини ошириш имконини берувчи кадрлар сиёсатининг яна бир далили бўлди.