Автомобиль сифатини қандай баҳолаш мумкин? “Ёқди-ёқмади” қилибми? Беш балли тизимдами? Бунинг ягона жавоби йўқ, лекин ҳар бир автомобиль ишлаб чиқарувчида, айниқса глобал фаолият юритадиган компанияда, ўз сифат назорати тизими бўлади. Асрий тарихга эга General Motors концернида бу GMS глобал ишлаб чиқариш тизими бўлиб, у UzAuto Motors заводларида ҳам татбиқ этилган. Ушбу тизим General Motorsда қабул қилинган ва бутун дунёда самарали ишлаётган юқори стандартларга риоя этган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.
GMS жорий этилиши даражасига мувофиқ, General Motors корпорациясининг Ҳиндистон, Хитой, Корея ва АҚШлик мутахассислари Асака шаҳридаги UzAutoMotors заводини ишлаб чиқариш жараёнларига сифат интеграцияси даражаси (BIQ – Built-In Quality)ни текширдилар. Аудит натижасига кўра корхонага BIQ IV даражасидаги сертификат берилди, бу “сифатни жойида яратиш” ва носозликларни шу ернинг ўзида бартараф этиш имконини берувчи корпоратив ёндашувни англатади.
Ушбу сертификатни олиш учун мустақил баҳолашнинг кўп сонли босқичлари ва турли кўрсаткичлар бўйича аудит ўтказилди, улар заводнинг General Motors талабларига тўлиқ мос келишини тасдиқлади. Бу UzAuto Motorsга келгусида GMнинг глобал платформаларида автомобилларнинг янги оилаларини ўзлаштириш, компания ишчилари ва шерикларининг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек йўқотишларни камайтириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича доимий ишларни амалга ошириш имконини беради.
UzAutoMotorsнинг Хоразм вилоятидаги филиали ҳам BIQ IV сертификатига эга, унга сазовор бўлиш кейинги йилларда заводда ўтказилган кенг кўламли ва сифат бўйича барча талабларга мувофиқликни таъминлашга қаратилган ишлар натижаси бўлди.
Маълумот учун:
General Motors глобал ишлаб чиқариш тизими (GMS) автозаводларни BIQ – ишлаб чиқариш жараёнига сифат интеграциясининг бешта даражаси бўйича таснифлайди. Бу тизим ишлаб чиқариш корхоналарини баҳолашда қўлланилади ва сифат даражасини белгилашга ёрдам беради. Шу тариқа, заводда жорий этилган GMS глобал ишлаб чиқариш тизими General Motors хавфсизлик ва сифат юқори стандартларининг умумийлигини таъминлайди ҳамда энг яхши жараёнлар, услублар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва қўллаш имконини беради.