logo
Orqaga qaytish

«Volkswagen Caddy» РУСУМЛИ ЕНГИЛ ТИЖОРАТ АВТОМОБИЛЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНДА

03.06.2020

Жорий йилнинг март ойида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» концерни ўртасида «Жиззах Автомобиль Заводи» МЧЖ компанияси базасида енгил тижорат атвомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланган эди. Бугунги кунда 45 гектар майдонда жойлашган заводнинг қурилиш ишлари якуний босқичида турибди. Завод ва офиснинг асосий қисми бинолари битказилди ва фойдаланиш учун тайёр.

 

Енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистонга «Volkswagen Caddy» автомобилларининг бир қисми келтирилиб, улар сертификация бўйича ваколатли органларга иқлим синовларb ва омологация бўйича махсус текширувлардан ўтказиш учун топширилди. Ҳозирда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан сертификациялаш ва транспорт воситаларининг амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш, жумладан сертификацияловчи орган томонидан назорат иқлим текширувлари ва Умумий техник регламент талабларига биноан бошқа синовларни ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида «Жиззах Авто» МЧЖ томонидан «Фольксваген» дилерлик тармоғини ривожлантириш мақсадида республика ҳудудларидаги қатор дилерлик корхоналар ҳамкорлик қилиш учун танлаб олинди. Шуни таъкидлаш жоизки, “Volkswagen Caddy” русумли автомобиллар савдоси шу йилнинг июль ойидан бошланиши режалаштирилмоқда.

«Ҳар бир дилер корхоналарининг лойиҳалари алоҳида, «Фольксваген» мижозларининг автосалон ҳудуди бўйлаб қулай ҳаракатланишига йўналтирилган компаниянинг концепциясига мувофиқ тасдиқланди. Ҳозирда «Фольксваген» стандартларига мувофиқ янги дилерлик марказларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда, уларнинг барчаси харидорларга сифатли сервис хизматини кўрсатиш учун замонавий жиҳозлар билан жиҳозланади», -  кайд этиб ўтди - «Жиззах Авто» бош директори Ойбек Аюбов.

Бундан ташқари, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида «Жиззах Авто» компанияси ва дилерлик корхоналари ходимларини «Фольксваген» бренди глобал стандартларига мувофиқ ўқитиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. 2020 йил май ойида “Фольксваген” компанияси мутахассислари иштирокида маҳсулот савдосини юритиш ва автомобилларга хизмат кўрсатиш бўйича илк ўқув тренинглар ўтказилди.

Маълумот учун:

«Volkswagen Caddy» - 7 ўриндиқли (5-ўриндиқли кўриниши ҳам мавжуд) йўловчи ва юк минивени. Автомобиль ҳам бизнес юритишга, ҳам оилавий фойдаланиш учун тўғри келади. Тежамкор ва технологик (MPI) двигатель 1,6 литр қувватга эга, бензинда ишлайди. Ёқилғи сарфи – шаҳарда 100 км.га 9,3 литр, трассада  100 км.га 6,1 литр.

Telegram / Facebook / Instagram

Boshqa yangiliklar

tepaga