Сўнгги беш йил ичида автомобилсозлик экспортида Ўзбекистон камроқ автомобил сотиб, кўпроқ пул ишламоқда.

Аввал бу қандай бўган

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистондан чиқарилган автомобиллар асосий экспорт бозорларида энг арзон машиналар бўлган. 2018-йил ёзида Spark ва Nexia Россиядаги энг арзон хорижий автомобиллар деб тан олинди ва уларнинг нархи мос равишда $6900 ва $7100 ни ташкил этган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда эса ушбу моделлар бир неча минг долларга қимматроқ бўлган.

Ўша йилнинг июн ойида Президент Шавкат Мирзиёев автосаноатни танқид қилди. Хусусан, бошқарувнинг барча даражаларидаги тизим коррупция, порахўрлик, қариндош-уруғчилик ботқоғига ботганлиги ва бир неча йиллардан буён автомобиллар чет элда ўз нархидан паст нархларда сотилаётганлиги таъкидланди.

Август ойида чет элда автомобиллар савдоси тўхтатилди. Худди шу ойнинг охирида ички бозорда автомобиллар савдоси тикланди. Ноябр ойида экспортлар тикланди. Қозоғистонда Nexia ва Ravon деярли $5 мингга кўтарилди.

Ўшандан бери UzAuto Motors автомобиллари чет элда арзонлашишни тўхтатди. Масалан, ҳозирда Қозоғистондаги Cobalt нархи конфигурациясига қараб 4,7 миллиондан 5 миллион тангагача туради. Бу сўмда 113 миллиондан 120 миллионгачани ташкил этади, мос равишда Ўзбекистонда модел нархи 97 миллиондан 116 миллион сўмдан сотилади.

Савдоларда қандай ўзгаришлар

2018-йилдан бошлаб экспорт ҳам, тушум ҳам аста-секин ўсиб бормоқда. Агар 2016-йилда Ўзбекистон чет элда машинасини ўртача $5 132 га сотган бўлса, 2020-йилда нархлар $9201 га етди:

Йил Қанча сотилган (дона)
Қанча фойда келтирди (млн $)
Битта машина нархи (ўртача, $)
2016 7 677
39,4
5 132
2017 26 849
130,1
4 845
2018 4 827
29,3
6 070
2019 14 732
121,5
8 247
2020 18 552
170,7
9 201

 

Ўсиш нафақат нархларнинг ўзгарганлиги билан боғлиқ, балки ушбу йиллар давомида моделлар ҳам ўзгариб борган. Сўнгги йилларда, асосан, Cobalt экспорт қилинмоқда.

Сотиш география ҳам ўзгарди, илгари асосий майдон Россия бўлган бўлса, ҳозирда бу улушнинг деярли 90% қисми Қозоғистонга тўғри келади. Қўшни республикада Chevrolet Hyundai билан, Cobalt эса Accent билан рақобатлашади. Бу йил бренднинг савдоси 4697% га ўсди.

Манбаа: Spot.uz 

Telegram / Facebook / Instagram