“Ўзавтосаноат” АЖ ва “Фольксваген Груп Рус” Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ҳамкорлик тўрисида келишув имзоладилар
“Ўзавтосаноат” АЖ ва “Фольксваген Груп Рус” Ўзбеки...
Енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш “Жиззах” ЭИЗда жорий этилади
Завод ишлаб чиқариш қуввати – йилига 20 000 дона автомобиль
Лойиҳа “Ўзавтосаноат” АЖнинг маҳаллий корхоналари базасида, Volkswagen концерни ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади
“Ўзавтосаноат” АЖ ва “Фольксваген Груп Рус” компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолаш маросими “Ўзавтосаноат”да бўлиб ўтди. Келишув предмети “Жиззах” ЭИЗда “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқарилган техникани сотиш тизимини йўлга қўйишдан иборат. Завод Volkswagen концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча моделдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат цикли бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашади.
“Фольксваген Груп Рус” янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этади, шунингдек ходимларни ўқитишни амалга оширади. Завод Volkswagen концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади. Шунингдек, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 000 дона автомобилга тенг бўлади.
Аҳолиси сони 34 миллион кишидан ортиқ бўлган Ўзбекистон саноат ишлаб чиқариш, кичик ва ўрта бизнеснинг янада ривожланиши учун йирик салоҳиятга эга. Мамлакатда енгил тижорат автомобилларининг бозори ўсиш учун истиқболли сегмент саналади.
“Енгил тижорат автомобиллари сегменти бугунги кунда Ўзбекистон автомобиль бозоридаги ягона ўзлаштирилмаган йўналиш саналади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий автомобиль саноати тараққиётида янги салмоқли қадамни қўйиш имконини беради. Янги қўшма корхона, аҳолининг бандлигини ошириш баробарида, Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқаришнинг янада ўсишига хизмат қилади”,- қайд этди “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси жаноб Шавкат Умурзоқов.
“Фольксваген Груп Рус” бош директори Маркус Озегович: “Ўзбекистон автомобиль бозори жўшқин ривожланмоқда ва барча сегментларда катта ўсиш салоҳиятига эга. Ҳам концернимиз маҳсулоти, ҳам дилерлик марказларидаги юксак хизмат кўрсатиш даражаси ўзбек истеъмолчилари томонидан муносиб баҳоланишига аминмиз”.
Битим доирасида томонлар ҳамкорликни 2020 йилда Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошлашга келишиб олдилар, у иккита модификацияда таклиф этилади: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони. Ушбу модель ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган. Автомобиль қуввати 110 о.к. ва ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 км.га 9,3 л., трассада – 100 км.га 6,1 л.га тўғри келади.
Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида келажакда Volkswagen Group концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади.
Маълумот учун: 2019 йил якунларига кўра, ўзбек-немис товар айланмаси ҳажми 902,3 млн долл.га етди: экспорт 47,6 млн. долл. (транспорт ва сайёҳлик хизматлари, қоғоз, тўқимачилик буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар), импорт – 854,7 млн. долл. (фармацевтик маҳсулот, электр ва механик жиҳозлар, транспорт воситалари, кимёвий маҳсулот ва бошқ.).
“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти
“Ўзавтосаноат” 1994 йил 17 мартда таъсис этилган. Ҳозирда компания 85 та йирик ва ўрта корхона ҳамда компанияларни бирлаштиради, улар сирасига Жанубий Корея, Туркия, Италия, Германия, Нидерландия, АҚШ ва МДҲ мамлакатлари компаниялари хорижий капитали ва технологиялари иштирокидаги корхоналар ҳам киради. "Ўзавтосаноат" АЖ нинг асосий ишлаб чиқариш компаниялари: "UzAvto Motors" ОАЖ, "Uz Track & Bus Motors" ҚК МЧЖ, "SamaAvto" ҚК МЧЖ . "Ўзавтосаноат" корхоналари Chevrolet, Ravon, MAN, Isuzu, Kamaz ва Sinotruck брендлари остида етакчи хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналиши енгил автомобиллар, автобуслар, юк автомобиллари ва бутловчи деталлар ишлаб чиқариш саналади. Ходимлар умумий сони 27 мингдан зиёд, уларнинг 5 мингдан ортиғи дунёдаги етакчи саноат компанияларида таҳсил олган.
“Фольксваген Груп Рус”
“ФОЛЬКСВАГЕН Груп Рус” Volkswagen AG концернининг шўъба корхонаси бўлиб, Россия бозорида концерннинг еттита русуми фаолиятини бирлаштириб туради: Volkswagen —енгил автомобиллар, Audi, ŠKODA, Bentley, Lamborghini, Ducati ва Volkswagen Тижорат автомобиллар. 2019 йилда “ФОЛЬКСВАГЕН Груп Рус”нинг Россия бозоридаги сотувлар ҳажми 233 600 дона автомобиль бўлган. Компания ишлаб чиқариш майдонларида 2019 йилда 214 000 дона автомобиль ишлаб чиқарилган: компаниянинг Калугадаги заводида 150 000 дона, Нижний Новгороддаги ишлаб чиқариш майдончасида – 64 000 дона автомобиль чиқарилган. “ФОЛЬКСВАГЕН Груп Рус” МЧЖнинг бозордаги улуши 2019 йил якунларига кўра 12,9 фоизга етган. Европага ва МДҲ давлатларига автомобиллар экспорти 24 600 дона автомобилни ташкил қилди. 2019 йилда Калугадаги Volkswagen Group Rus заводида 143 500 дона двигатель ишлаб чиқарилган, улардан 24 000 таси Европадаги ишлаб чиқариш майдончаларига экспорт қилинган.
“Volkswagen AG” концерни
Бош қароргоҳи Вольфсбург (Германия)да жойлашган Volkswagen AG дунёда етакчи ва Европадаги энг йирик автоишлаб чиқарувчилардан бири саналади. 2019 йилда бутун дунёдаги харидорларга 10 974 600 дона автомобиль тақдим этилган (2018 йилда – 10 834 000 дона) Концерн таркибига еттита Европа мамлакатидаги ўн иккита бренд киради: Volkswagen — енгил автомобиллар, Audi, Seat, ŠKODA, Bentley, Bugatti, Lamborghini, Porsche, Ducati, Volkswagen Тижорат автомобиллар, Scania и MAN. Volkswagen концерни Европадаги 20 та мамлакатда ва Шимолий ҳамда Жанубий Америка, Осиё ва Африкадаги 11 та мамлакатда 123 та заводга эга.