Кейинги пайтларда комплаенс ёки комплаенс-назорат тушунчаси йирик ва замонавий компаниялар фаолиятида тобора кўпроқ қўлланила бошлади. Бинобарин, ушбу мавзуни батафсил ўрганиш ва бу шунчаки модага мослашувми ё ҳақиқатан, компания фаолиятидаги зарурий бўғинми – шуни аниқлаб олишнинг айни вақти.
“Ўзавтосаноат” АЖ комплаенс хизмати раҳбари Ҳаёт Солижонов бизга бу масалани ҳал этишда ёрдам берди:
Комплаенс – бу нима?
Агар Compliance сўзининг этимологиясига мурожаат қилсак, инглиз тилида у “мувофиқлик”, “риоя” маъносини англатишини кўрамиз. Бизнинг истилоҳда эса, Compliance – бу мамлакат қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек компаниянинг ўзи қабул қилган ички сиёсатлар, таомилларга риоя этилмаслиги туфайли юзага келадиган хатарлар назорати ва бошқарувини англатади.
Биринчи навбатда комплаенс-дастур – бу ҳар қандай компания ўз амалий фаолияти давомида мунтазам дуч келадиган хатарларни баҳолашга асосланган, пухта ишлаб чиқилган кенг қамровли ҳужжат саналади. Хатарлар ҳам ички (бизнес-жараёнлардан келиб чиқувчи), ҳам ташқи (тартиботларга боғлиқ) бўлади.
Компания комплаенси турфа хил бўлади, лекин ҳозирги пайтда давлат ва хусусий секторда коррупцияга қарши, банк ва санкциявий комплаенслар кенг тарқалган.
“Ўзавтосаноат”даги комплаенс-дастур ҳақида сўзлаб берсангиз?
“Ўзавтосаноат” комплаенс-дастур нисабатан “ёш” – 2018 йилнинг иккинчи ярмида жорий этилган. Агар экспертлар тили билан айтилса, компанияда коррупцияга ва қарши ва санкциявий комплаенс уйғунликда амал қилади.
Ушбу давр ичида қатор муҳим ва самарали сиёсатлар жорий этилди. Масалан, компания ахлоқий стандартларининг бузилиши тўғрисидаги хабарларни олиш ва қайта ишлаш сиёсати. Бунда компания томонидан ходимлар ёки учинчи шахслар компаниянинг хатти-ҳаракатлар, сиёсатлар ва таомилларининг эҳтимолий ёки амалдаги бузилишлари тўғрисида хабар беришларига имкон берувчи тезкор линия ишлаши учун самарали ва ишончли механизм яратилиши ҳақида сўз боради.
Ҳозирги пайтда “Ўзавтосаноат”да комплаенс соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабарларни қабул қилиш тезкор линияси (+99871 140-76-70) ва compliance@uzavtosanoat.uz электрон почта қутиси ишлаб турибди, улар орқали исталган шахс ёрдам сўраб ёки тармоқдаги ғайриқонуний ҳолатлар ҳақида маълум қилишлари мумкин. Ўз навбатида, “Ўзавтосаноат” комплаенс хизмати хабарларнинг махфий қолишини таъминлайди.
Бундан ташқариш, мижозлар, контрагентлар ва товар/хизматлар етказиб берувчилар билан ишлашни тартибга солиш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилган, бунинг натижаси ўлароқ, компаниянинг иқтисодий хавфсизлиги ва молиявий хатарлар камайишига эришилди.
Умуман олганда, “Ўзавтосаноат” комплаенс-дастури 10 та асосий элементдан иборат. Мисол тариқасида уларнинг асосийларини келтириб ўта оламан:
Компания Раҳбариятининг комплаенс-дастурга риоя этишга содиқлиги (High level commitment) – компания топ-менежменти бошқа ходимларга намуна бўлиши ва комплаенс-дастур талабларига риоя этилиши юзсидан жавобгарликни ўз зиммасига олиши.
Сиёсатлар ва таомиллар. (Policies & Procedures) – компания томонидан қабул қилинган, тартибга солувчи ҳужжатларнинг бизнес юритишда ахлоқ меъёрлари қўлланилишини таъминлашга, шунингдек компания бизнес-профилига комплаенс-хатарлар таъсирини камайтиришга қаратилиши.
Комплаенс-функциянинг мухторлиги ва унинг ресурслар билан етарлича таъминланганлиги. Корпоратив комплаенс-дастур амал қилаётган ҳар қандай компанияда унинг самарадорлиги комплаенс функцияси қанчалик мухторлигига, у кимга ҳисобдорлигига, шунингдек ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қандай ресурсларга эга эканлигига боғлиқ бўлади.
Комплаенс бўйича хизматингизнинг келгуси режалари ҳақида сўзлаб берсангиз?
Комплаенс-дастурнинг муваффақиятли татбиқ этилганидан кейин, режамиздан бизнес-жараёнларни автоматизациялаш жой олган – у бюрократик тўсиқларни, қоғозбозчиликни истисно этиб, коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш учун қабул қилинадиган бизнес-қарорлар шаффофлигини даражасини оширади. Бугунги кунда маҳаллийлаштириш корхоналарида бизнес-жараёнларни автоматизациялашнинг қўшимча тизимларини жорий этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Тармоқ мутахассислари томонидан Oyna ERP тизими ишлаб чиқилиб, қатор корхоналарда татбиқ этилди. У омбор, молия ва бошқа ҳисоб-китобларни ўз ичига олади ва корхоналар конвейерларларига деталлар етказиб берилиши жараёнини автоматизациялаш имконини беради. Бундан ташқари, SAP компаниясининг ERP-тизими жорий этилмоқда, у турфа йўналишлардаги, ҳам умумий фаолиятнинг, ҳам алоҳида йўналишларнинг кўрсаткичларига таъсир қилувчи ишлаб чиқариш, маркетинг ва бошқарув вазифаларини ҳал қилиш имконини беради.
Суҳбатимизга якун ясарканмиз, қайд этишимиз керакки, комплаенс – бу минимал хатарлар билан ҳаққоний ва ахлоқ доирасида бизнес юритиш воситаларидан биридир. Муболағасиз айтиш мумкинки, “Ўзавтосаноат” – бу Ўзбекистондаги ўз корпоратив бошқарувига комплаенс-дастурни муваффақиятли татбиқ этган илк давлат компаниясидир. Ўз навбатида мутахассисларимиз ўз билимлари ва тажрибаларини ўзларида корпоратив комплаенс-дастурни татбиқ этишга қарор қилган бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ўртоқлашишга тайёрдир.