2021-йилнинг 24-26 май кунлари Афғонистон делегацияси вакилларининг мамлакатимизга ташрифи муносабати билан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги "Санъат саройида" Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари Бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда.
Форум доирасида ташкил этилган "Made in Uzbekistan" миллий маҳсулотлар кўргазмасида "Ўзавтосаноат" АЖ таркибидаги корхоналар ҳам фаол иштирок этишди. Корхона стендида "UzAuto Motors" АЖнинг ички ва ташқи бозорларда сотувга қўйилган автомобиллари, "UZ Truck & Bus Motors", "UzAuto TRAILER" ва "SamAuto" томонидан ишлаб чиқарилган юк машиналари ва автобуслар, шунингдек Жиззах автомобил заводининг Volkswagen Caddy ва SKODA русумли автомобиллар қатори намойиш этилди.
Кейинги пайтларда "Made in Uzbekistan" саноат кўргазмаси ўзаро савдо алоқаларни янги босқичга кўтариб, кенг имкониятлар майдонини яратди, десак муболаға бўлмайди.
Афғонистон делегацияси вакиллари сафида бир гуруҳ тадбиркорлар билан бирга Афғонистон Ислом Республикасининг Президенти Девони раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар, Афғонистон Савдо-саноат палаталари федерацияси раиси Исмоил Ғазанфар, Балх вилояти волийси Муҳаммад Фарҳод Азимий сингари мартабали меҳмонлар ташрифи муносабати билан ташкил этилган ҳудудлар ва тармоқлараро саноат ярмаркаси, кооперация биржаси ҳамда "Made in Uzbekistan" миллий маҳсулотлар кўргазмасида мамлакатимиз вилоятлари ва Сурхондарёда ишлаб чиқарилаётган қурилиш моллари, электротехника, чарм, текстил саноати, қишлоқ хўжалиги, автотранспорт воситалари ва бошқа маҳсулотлар, шунингдек миллий ҳунармандлик буюмлари кенг намойиш этилди.
Мазкур кўргазма доирасида Б2Б форматида ҳамкорлик учрашувлари ўтказилиб, муҳим келишувларга эришилди.