Президент томонидан «Фольксваген» автомобилларини...
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Фольксваген» бренди остида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойихасини амалга оширишга расман руҳсат берувчи қарор (2020 йил 25 июндаги «Ўзбекистон Республикасида «Фольксваген» енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4757 сонли) имзоланди.
Қарорда лойиҳанинг икки босқичда амалга оширилиши назарда тутилган:
- биринчи босқичда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва бозорни ўрганиш мақсадида «Фольксваген» ва «Шкода» бренди моделларини йиғиш ва етказиб бериш режалаштирилган;
- иккинчи босқичда, илк босқичда ўтказилган тадқиқотлар ва бозор таҳлили натижаларига кўра, 2022 йилдан бошлаб замонавий енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли ўзлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» компанияси ўртасида «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ негизида енгил тижорат автмобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланган. Ҳозирги кунда «Жиззах Авто» заводининг қурилиши ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
«Мамлакатда енгил тижорат автомобиллари сегментининг нисбатан кам ривожланганлигини ҳисобга олган ҳолда, “Фольксваген” концернининг замонавий кўринишдаги моделлари, тез суратлар билан ўсиб бораётган мамлакат иқтисодиётидаги бу мухим сегментнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишига, ўзбек ҳаридорлари эса автомобилларимизнинг юқори сифат стандартларига ўз баҳоларини беришларига ишонамиз» - деб таъкидлади «Фольксваген Груп Рус» компаниясининг молия ишлари бўйича директори жаноб Патрик Майер.
Кўрсатилаган мақсадларга эришиш мақсадида, биз нафақат ишлаб чиқариш бўлинмалари, балки дилерлик марказлари, молия бўлинмалари ва сотувдан кейинги ҳизмат кўрсатиш ҳодимлари учун ҳам кенг кўламли таълим дастурларини режалаштирганмиз. Умид қиламизки, яқин келажакда «Ўзавтосаноат» билан ҳамкорликда ушбу лойиҳани барчамиз учун фаҳр бўладиган муваффақиятга айлантира оламиз» - дея сўзларини якунлади жаноб Майер.
Таъкидлаш жоизки, “Volkswagen Caddy” русумли автомобилларни Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Обиҳаёт кўчаси 39 уй, манзилида жойлашган “Фольксваген”нинг Ўзбекистондаги расмий дилер марказида июль ойидан бошлаб, сотиб олиш имконияти мавжуд бўлади.
Маълумот учун: «Volkswagen Caddy» минивенлари Сотув учун тайёрланмоқда. 7 ўриндиқли йўловчи ва юк ташувчи кўринишлари мавжуд. Автомобиль ҳам бизнес юритишга, ҳам оилавий фойдаланиш учун тўғри келади. Тежамкор ва технологик (MPI) двигатель 1,6 литр қувватга эга, бензинда ишлайди. Ёқилғи сарфи – шаҳарда 100 км / 9,3 литр, трассада 100 км / 6,1 литр.