COVID-19 пандемияси шароитида ҳар бир иш берувчи ходимлари учун улар ўз лавозим мажбуриятларини бажараётганларида хавфсиз меҳнат шароитини таъминлаши зарур. Юзага келган талабни қондириш мақсадларида “УзДонгЯнгКо” компанияси мутахассислари томонидан яна бир индивидуал ҳимоя воситаси – ҳимоя комбинезонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ҳимоя комбинезони бактериялар ва вируслар, шунингдек аэрозоллар, ноорганик ва органик келиб чиқишга эга кимёвий моддалардан индивидуал ҳимоя воситаси сифатида қўлланилади. Комбинезонларни ишлаб чиқариш учун ҳимоя ниқобларини тайёрлашда ҳам ишлатилувчи Spun Bond тиббий материалидан фойдаланилди.
Бугунги кунда ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш қуввати кунига 2 000 донадан зиёдни ташкил қилади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг асосий истеъмолчилари соғлиқни сақлаш муассасалари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари, савдо нуқталари персонали, кўнгиллилар, қўриқлаш хизмати, курьерлар ва бошқа тузилмалар саналади. Бундан ташқари, МДҲ мамлавкатларига сотиш учун экспорт бозорлари ўрганилмоқда.
Аввалроқ, мамлакат валюта маблағларини тежаш мақсадида ва аҳоли ўртасида ҳимоя воситаларига катта танқислик кузатилгани сабабли, “УзДонгЯнг Ко” компанияси мутахассислари томонидан юз учун ҳимоя шчитлари ва тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди.
Корхонада ишлаб чиқариш бошлангандан то жорий йил апрелига қадар 2 200 000 дан ортиқ тиббий ниқоб ва 2 000 дан ортиқ ҳимоя шчитлари ишлаб чиқарилган.