“UzAuto Motors” АЖнинг илк халқаро облигациялари х...
“UzAuto Motors” томонидан жорий йилнинг 27-апрел куни Лондон фонд биржасида 5 йиллик 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги RegS/144A форматидаги халқаро облигациялар муомалага чиқарилди ва бу билан тўлақонли халқаро капитал бозори иштирокчисига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида, барча давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилиши, жумладан, 2021 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ ҳам халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Халқаро капитал бозори мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда ва хорижий инвестисияларни кенг миқёсда жалб қилишда муҳим рол ўйнайди. 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси халқаро облигацияларининг муваффақиятли жойлаштирилиши маҳаллий корхоналарга, шу жумладан “UzAuto Motors”га ҳам халқаро бозорларга чиқиши учун янги истиқболларни очиб берди.
Аввал эълон қилинганидек, 2021-йил 22-26-апрел кунлари халқаро облигацияларини муомалага чиқариш бўйича роуд-шоу бўлиб отди ва Молия вазирлиги ҳамда “UzAuto Motors” вакиллари томонидан хорижий инвесторларга тақдимотлар қилинди ва уларнинг тегишли саволларига жавоблар берилди.
Маълумот учун: Roudshow тадбири доирасида АҚШ, Европа, Россия Федерацияси ва Осиё мамлакатларининг 50 дан ортиқ глобал институтсионал инвесторлари иштирокида телеконференция (Global Investor Call) ўтказилди ҳамда 28 га яқин йирик халқаро инвесторлар билан яккама-якка учрашувлар ташкил этилди.
Инвесторларнинг таклифларига асосланган молиявий консултантлар – андеррайтерларнинг тавсиясига кўра, “UzAuto Motors”нинг бошланғич фоиз ставкаси 5,375% атрофида этиб белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:15 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинган.
Буюртмалар ҳажми Лондон вақти билан соат 13:00 да 1.1 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Шаклланган буюртмалар ҳажми ва молиявий консултант таҳлилларидан келиб чиқиб, фоиз ставка 5,00-5,125 фоизга туширилди. АҚШ бозорлари очилгач, буюртмалар ҳажми ошишда давом этиб, 1,4 млрд. АҚШ доллари максимал қийматига етиб борди ҳамда бу ўз ўрнида фоиз ставкаларни янада тушириш учун имконият яратди.
Лондон вақти билан 15:00 да якуний фоиз ставка ва купон қарийб 0,15% бирликка туширилиб, 4,85% этиб белгиланди.
Халқаро облигациялар Буюк Британия (37%), АҚШ (14%), Германия (8%) ва бошқа қатор Европа (35%) ва Осиё (6%) мамлакатларнинг қарийб 130 дан ортиқ инвесторлари орасида тақсимланди.
Шу билан бирга, мазкур инвесторларнинг аксариятини актив бошқарувчилари ва жамгъармалар (67%) ташкил қилди, банклар (23%) ва сугъурта ҳамда пенсия жамгъармалари (10%) орасида ҳам фаол тақсимланди.
Ўзбекистон корпоратив эмитентлари орасида чиқарилган илк халқаро облигацияларни “UzAuto Motors” АЖ томонидан муваффақиятли жойлаштирилиши инвесторлар томонидан Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш дастури амалга оширилиши ижобий баҳоланганлигидан далолат беради.