“Ўзавтосаноат” бошқарув раиси Шавкат Умурзаков Президент Шавкат Мирзиёевга қишлоқ хўжалиги машинасозлиги бўйича тақдимот ўтказди.
Бундан бир йил олдин, 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга оид қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Агрегат заводи, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ва “Технолог” акциядорлик жамиятларининг устав капиталидаги давлат улушлари “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятига ишончли бошқарувга берилган эди.
Тақдимотда қишлоқ хўжалиги саноатининг "Ўзавтосаноат" бошқарувига ўтганидан буён унинг ҳозирги ҳолати, мавжуд муаммолари ва ҳал қилиниши зарур бўлган асосий вазифалари чуқур таҳлил қилгани таъкидланди.
Мамлакатда жами 273 000 дона қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд бўлса, уларнинг 62 %и 20 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилиб келинмоқда. Бундан ташқари, жами сотилган қишлоқ хўжалиги техникаларининг 32 %и Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлиб, қолган 67,7 % қисми импорт қилинган.
Асосий муаммо сифатида ишлаб чиқариш ҳажмининг камлиги ва маҳаллий корхоналарнинг қувватларидан деярли фойдаланмаслик натижасида маҳаллийлаштириш даражасининг пастлиги ва нарх-навонинг юқорилиги келтирилди.
Ўтган вақт мобайнида "Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" АЖ нинг ишлаб чиқариш майдони 68 %га оптималлаштирилди ва техникалардан фойдаланиш самарадорлиги 20 %дан 70 %гача оширилди. Натижада, маҳсулот таннархи 4 %га пасайиб, қарийб 45 млрд сўмни тежашга имкон берди. Замонавий ишлаб чиқариш тизимларининг жорий этилиши маҳсулот бирлигининг ишлаб чиқарилиш тезлигини оширишга имкон берди - илгари бу кўрсаткич 2 соатда 4 та ускуна билан амалга оширилган бўлса, энди 1 та ускуна билан 45 дақиқагача оптималлаштирилди.
Boston Consulting Group билан ҳамкорлик доирасида хорижий ҳамкорлар (Минск трактор заводи, Klaas, Lovol, Dongfeng, Dyotch Far, China, John Deere, Case New Holland ва ҳ.к.) билан олиб борилган музокаралар натижасида узоқ муддатли саноатни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди.
Корхонанинг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда мамлакатимиз бозорларида маркетинг стратегиясини тўғри белгилаш учун стратегик ҳамкорликка 2 та йирик корхона танланди – “Минск трактор заводи” (Беларусь) ва «Klaas Group» (Германия).
“Минск трактор заводи” билан ҳамкорлик аллақачон ўз самарасини кўрсатди – Беларус тракторларининг нархи 30-123 миллион сўмга пасайтиришга эришилди. Бундан ташқари, ушбу ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонда йилига 4 мингтагача трактор ишлаб чиқарилиши режалаштирилган, бу эса ўз навбатида уларнинг нархларини ўртача 23 %га пасайтириш имконини беради. Шунингдек, шартнома асосида биргина Ўзбекистонда Белорус 80Х моделини ишлаб чиқариш ҳамда трактор ва унинг эҳтиёт қисмларни Ўзбекистон ва Туркманистонда сотиш бўйича мутлоқ ҳуқуқ қўлга киритилди.
Шу билан бирга, тақдимотда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини яратиш, мавжуд қувватлардан фойдаланиш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Саноат корхоналарини Тошкентдан Чирчиққа кўчириш ва берилган кластер асосида уларни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундай қилиб, Тошкент ва Чирчиқда “Тошкент агрегат заводи”, “Технолог” ҳамда «Uz Claas Agro» корхоналари битта ҳудудга жойлаштирилиб саноат кластерларига бирлаштирилади. Корхоналарни Тошкентдан Чирчиққа кўчириш 12-18 ой давом этадиган икки босқичда амалга оширилади.
Кластернинг яратилиши 28 кўринишдаги 1.2 минг дона техник ускунани оптималлаштириб, ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланишни 85 %га ҳамда маҳаллийлаштириш ҳажмини 50 % гача ошириш имконини беради. Бунинг натижасида маҳсулот таннархи 20 % га пасайиши ва корхоналарнинг рентабеллиги 10 %га ошиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, умумий 85.6 гектар майдонда жойлашган 5 та корхоналарнинг ишлаб чиқариш майдонлари эндиликда кластер усули бўйича 17.5 гектарга жойлаштирилади. Шунингдек, ишлаб чиқаришга жалб қилинган машина ва ускуналар сони 40% га камайтирилади.
Қишлоқ хўжалиги техникаси соҳаси ўз тадқиқот базасини яратиш учун илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда Италиядаги Турин политехника университети билан олий маълумотга эга бўлмаган ва ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ходимлар учун "дуал таълим" тизимини яратиш тўғрисида келишувга эришилди. Бу, соҳада олий маълумотга эга бўлган юқори малакали муҳандислик захирасини тайёрлашга имкон беради.
Шунингдек, дастур доирасида мухандислик-техник мутаҳассисларни тайёрлаш учун Буюк Британия, Ҳитой, Корея ва Россиянинг ихтисослашган университетлари билан музокаралар олиб борилмоқда.