Оҳангарон шаҳридаги ёшлар сиёсати йўналишида мавжуд муаммолар ва устувор вазифаларга тўхталиб ўтиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этиш мақсадида 8 июл куни Оҳангарон шаҳрининг болалар мусиқа ва санъат мактабида шаҳарнинг фаол ёшлари иштирокида "Лидерлар ва ёшлар йиғилиши" бўлиб ўтди.
Учрашувда “Ўзавтосаноат” АЖ раисининг ўринбосари Ж.Тиллаев, шаҳар сектор раҳбарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши ходимлари, шаҳар корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими ва Оҳангаронда яшайдиган фаол ёшлар иштирок этди.
Бугунги кунга келиб “Ўзавтосаноат” АЖ таркибидаги корхоналарда 30 ёшгача бўлган 4,6 мингдан ортиқ ёшлар иш билан таъминланган. Уларнинг 60 нафарга яқини раҳбар лавозимларида ишлайди ва уларнинг ҳар бири соҳа ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Учрашув давомида Ж. Тиллаев автомобилларга бўлган талаб 170 мингдан ортиқ ходим ишлайдиган металлургия, кимё, электротехника ва бошқа соҳаларда юқори технологик маҳсулотларга эҳтиёж туғдиришини таъкидлади. Автомобилсозлик саноатининг ўзи 28 мингдан ортиқ ходимлар ишлайдиган 80 дан ортиқ йирик ва ўрта корхона ва ташкилотларни бирлаштиради.
Учрашувда ёшлар вакиллари автомобилсозлик саноатининг ташкилий тузилиши, мавжуд заводларнинг сони ва иш билан таъминлаш учун шароитлар ҳақида қизиқиш билдирдилар ва барча саволларига жавоб олдилар.