Барча даврларда мамлакат иқтисодиётининг асосий вазифаси – бу қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва аҳолини сифатли маҳсулот билан таъминлашдир. Ушбу мақсадларда, шунингдек маҳсулот диверсификацияси ва қишлоқ жойларда янги иш ўринлар яратиш мақсадида, “Ўзавтосаноат” АЖ таркибига кирувчи “Avtosanoat Invest” МЧЖ компанияси томонидан 2019 йил сентябрь ойида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сабзавотчилик бўйича иссиқхона мажмуаси қурилиши бошланганди. Майдони 12 гектар бўлган мажмуа энергосамарадор технологиялар, гидропоник услуб, истиш ва қизитиш циклида сувни тежаш тизимидан фойдаланиб қурилмоқда ва бу тоифада Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳа бўлади.
Ушбу лойиҳа ташкилий масалалар – кадрлар тайинлашдан то махсус техникани жалб қилишга ёрдамлашишгача Хоразм вилояти Питнак шаҳридаги UzAuto Motors заводининг фаол кўмаги билан амалга оширилмоқда. Импорт ўрнини босиш дастури доирасида иссиқхона мажмуасининг металл конструкция қисми қурилишида “Ўзавтосаноат” АЖ тузилмасидаги маҳаллийлаштириш корхоналарида ишлаб чиқарилган материаллар қўлланилди. Шунингдек, маҳаллийлаштириш жараёнига, импорт ўрнини босиш ва маҳаллийлаштирилган металл-каркас қисмларининг ассортиментини ошириш учун, хусусий тадбиркорларни ҳам жалб қилиш режалаштирилмоқда. Жумладан, иситиш ва портости қувурлари “Автокомпонент” АЖ қувватларида (Асака ш.), маҳкамлагичлар ва уламалар “Uz-Hanwoo” МЧЖ ҚК (Фарғона ш.)да тайёрланди.
Қурилишдаги инновацион ёндашув тахминан 1800 тонна помидор, 250 тонна қулупнай ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мўл ҳосил бера олувчи замонавий мажмуа яратиш имконини беради. Томчили суғориш, тупроқни алмаштириш ва иқлим назорати тизимлари, шунингдек АКТ воситалари кўринишидаги замонавий технологиялар юқори унумдорлик кўрсаткичига эга самарали тизимни яратади, бу Хоразм вилоятининг экспорт салоҳиятини кучайтиради. Бундан ташқари, мевалар сифатини яхшилаш учун вегетатив даврни бошқариш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Иссиқхона мажмуасини ташкил қилиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан унинг 2018 йил ноябрдаги Хоразм вилоятига ташрифи чоғида маъқулланганди, бунинг натижаси ўлароқ, давлат-хусусий шериклик доирасида “Avtosanoat Invest” МЧЖ ва “Polat Qurilish Makoni” МЧЖ ўртасида, тенг улушларда “GREENHOUSE COMPANY” МЧЖ таъсис этилганди. Лойиҳанинг умумий қиймати 7 892 890 долларни ташкил қилади, бунинг 3 млн.ни ўз маблағлардан ажратилган. Якунланиши жорий йил октябрида кутилаётган лойиҳа 150 дан зиёд кишини иш билан таъминлаши режалаштирилмоқда.