UZAUTO MOTORS МҚКҚ’ГА ҚАРШИ: СУДДА ЯНГИ ТАФСИЛОТЛА...
9 октябрда Тошкент шаҳар маъмурий судида судья Ғолибжон Давлатов раислигида UzAuto Motors компаниясининг Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 19 августдаги қарорини бекор қилиш тўғрисидаги шикоятини кўриб чиқиш юзасидан иккинчи суд мажлиси ўтказилди.
Кутилганидан фарқли равишда ва автомобиль ишлаб чиқарувчининг нарх сиёсатига қарши ижтимоий тармоқларда зўр берилаётган умумий эътироз тасаввурларига қарамай, бир ҳафта олдин эълон қилинган очиқ тингловга бирорта ҳам жамоатчилик вакили келмади, масс-медиа ҳам учта онлайн-СМИдан иборат бўлди. Ваҳоланки, иккинчи муҳокама биринчисига қараганда анча қизиқарлироқ ва мазмунга бойроқ ўтди.
Чунончи, UzAuto Motors вакиллари қўмита томонидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган ва текширув учун асос бўлган МҚКҚнинг 2020 йил 12 мартдаги таҳлилий маълумотномасининг барча бандларини кетма-кет рад этдилар:
2018 йилда UzAuto Motors таннархнинг 6,9%га, 2019 йилда эса – 4,3%га пасайишини таъминлади.
Модернизация ва моделлар қаторининг янгиланиши ўтказилмайди
Моделлар сафини кенгайтириш, шунингдек мавжуд моделларни модернизациялаш борасидаги ишлар ҳақида умуммаълум фактлар баён этилди.
Chevrolet Damas автомобили мутлақо эскирган ва фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади
Damas ҳали ҳам бозорда талабга эга ва ҳозирда ҳам Италия, Жанубий Корея ва Японияда фаол ишлаб чиқарилади.
2017-2018 йилларда корхоналарда бирорта янги иш ўринлари яратилмаган
Давлат статистика қўмитасининг очиқ маълумотларига кўра, 2017 йилда UzAuto Motors 337 та, 2018 йилда – 502 та янги иш ўринлари яратди. Қолаверса: бу динамика кейинги даврларда ҳам давом эттирилган
Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари маълумотнома учун бирламчи, нотўғри маълумотлар қаердан олинганлиги ҳақидаги саволдан қочмоқчи бўлдилар. Бироқ уларнинг ушбу муҳокамада текширувга сабаб бўлган маълумотлар эмас, МҚКҚнинг якуний қарорининг ҳуқуқий кучга эгалиги кўрилаётгани ҳақидаги раддиялари судья томонидан инобатга олинмади. Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган ҳужжатлар қасддан қалбакилаштирилганлиги ҳақидаги гумонни бартараф этиш учун, Монополияга қарши курашиш қўмитасига кейинги мажлисга маълумотномани тузишда фойдаланилган манбаларни тақдим этиш юклатилди.
Бундан ташқари, қўмита вакиллари ҳукуматнинг UzAuto Motorsни текшириш учун Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзавтосаноат” АЖ иштирокида идоралараро комиссия тузиш ҳақидаги қарорига қарамай, МҚКҚ мустақил текширув ўтказишни афзал санаганлиги сабаби ҳақидаги саволга жавоб беришга қийналдилар.
Мажлис давомида UzAuto Motors берган баёнотлардан маълум бўладики, текширув давомида махсус комиссия бир неча марта ўз регламентини бузган: масалан, комиссиянинг 7 августдаги мажлиси баённомаси юритилмаган, 3 августдаги мажлисда қатнашган шахслар баённомада кўрсатилмаган, комиссия UzAuto Motors тақдим этган, 19 августга белгиланган мажлисни кейинга қолдириш ҳақидаги илтимосномаси ҳақидаги маълумотни, гўёки у илтимоснома имзоланмаган бўлган деб, бузиб кўрсатган, ҳолбуки МҚКҚ томонидан ушбу илтимосноманинг судга тақдим этилган нусхасида ваколатли шахс имзоси мавжуд.
Шу билан бирга, даъвогар вакили МҚКҚга Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раҳбари, комиссия таркибига кирмайдиган Нажмиддинхўжа Шариповнинг комиссия онлайн-мажлисида қатнашиши ва фаол иштирок этиши якуний баённомада, гўёки у ерда асло бўлмагандек, умуман акс этмаганлиги ҳақида савол йўллади. Биринчи шахснинг бунчалик яққол қизиқиши текширувчиларга босим бўлганлигига билвосита ишора қилиши ҳақидаги тахминга нисбатан махсус комиссия раҳбари – МҚКҚ раиси ўринбосари Бекзод Умматов бир неча марта текширув қандайдир “юқоридан топшириқ”нинг ижроси йўлида ўтказилганлигини такрорлади.
Бундан ташқари, даъвогарнинг ўтказилган текширувнинг айрим саволлари текширув дастурининг сўровномасига нега киритилмаганлиги ҳақидаги саволига жавобгар томон вакиллари тайинли жавоб бермадилар ва бу жиҳатлар “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари билан қамраб олиниши ҳақидаги умумий гаплар кифояландилар.
Мажлис якунида судга тижорат сирига оид маълумотларга эга ҳужжатлар тақдим этилиши масаласи муҳокама этилди. Уларга, жумладан, нархни шакллантириш ҳам асосланган ва улар аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан беэътибор қолдирилганди. Шундан кейин, қўшимча далилларни ўрганиш учун, жараён кейинга қолдирилди.
Кейинги суд мажлиси 16 октябрь соат 10:00 да ўтади.