«Ўзавтосаноат» Сирдарё вилояти ёшлари билан учрашд...
23 июн куни 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Сирдарё вилоятининг фаол ёшлари иштирокида "Лидерлар ва ёшлар йиғилиши" бўлиб ўтди. Ёшлар билан юзма-юз мулоқот "Ўзавтосаноат" АЖ раисининг ўринбосари Фарҳод Тўраев ва Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Норқулов, вилоят секторлари раҳбарлари билан бирга халқ қабулхоналари вакиллари, шунингдек, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бўлими ходимлари иштирокида ўтказилди.
Туманда ёшлар сиёсатидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг устувор йўналишларини аниқлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда, ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Туман ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Норқулов ёшларга қаратилган нутқида "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" доирасида, автомобил бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган ҳамда ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
"Ўзавтосаноат" АЖ бошқарув раиси ўринбосари Фарҳод Тўраев саноат соҳасининг ривожланишида ёшлар учун яратилаётган иш ўринлари тўғрисидаги статистик маълумотларни тақдим этди. Бугунги кунда, "Ўзавтосаноат" таркибидаги корхоналарда 30 ёшгача бўлган 5 мингга яқин ёшлар иш билан таъминланган. Уларнинг 100 га яқини раҳбар лавозимларида ишлайди ва ҳар бири соҳа ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Учрашув давомида Ф. Тўраев автомобилларга бўлган талаб, юқори технологияли: металлургия, кимё, электротехника ва бошқа соҳалардаги маҳсулотларга эҳтиёж туғдириши 170 мингдан зиёд кишини иш билан таъминлаганини таъкидлади. Автомобилсозлик саноатининг ўзи 28 мингдан ортиқ ходим ишлайдиган 80 дан ортиқ катта ва кичик корхона ҳамда ташкилотларни бирлаштиради.
Учрашув давомида ёшлар замонавий автомобилларнинг ҳимоя воситалари шу билан бирга улар сонининг кўпайиши муносабати билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чоралари ва электромобиллар ишлаб чиқариш режаларига ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин политехника институтининг ўқиш жараёнлари ва ўқишга қабул қилиш шартларига қизиқиш билдиришди.