"Ўзавтосаноат" AЖда немис мутахассисларини фаол жа...
"Ўзавтосаноат" АЖда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Марказий Осиёдаги ҳуқуқий дастури ваколатхонаси раҳбари Йорг Пуделька билан учрашув бўлиб ўтди.
"Ўзавтосаноат" AЖ бошқарув раисининг ўринбосари Сардор Тажиев Йорг Пуделька билан GIZ доирасида халқаро автомобилсозлик компанияларида амалий тажрибага эга бўлган хорижий мутахассисларни кенг жалб қилиш юзасидан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Компаниянинг барқарор иқтисодий ва самарали бошқарувни ривожлантиришга қаратилган эксперт хизматларини кўрсатиш бўйича эгаллаган катта тажрибаси, соҳа мутахассисларига ўз малакаларини ошириш ва дунёнинг этакчи иқтисодий соҳа вакилларидан халқаро тажриба олишлари учун кенг имконият яратади.
Маълумот ўрнида:
Германия Халқаро Ҳамкорлик жамияти (GIZ) Ўзбекистонда иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт Федерал вазирлиги (BMZ), шунингдек, ташқи ва ички ишлар вазирлиги каби бошқа федерал идоралар буюртмаси бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Мамлакатимизда GIZ бюроси Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, 1992-йилдан бошлаб фаолият юритади. Филиаллари Андижон, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд бўлиб, ўз лойиҳаларини мақсадли равишда амалга оширади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида GIZ иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, шунингдек, ижтимоий ва маданий интеграцияларни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.
Барча чора-тадбирлар шерикликнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда, барқарор ривожланиш орқали амалга оширилади.
Иқтисодий ривожланиш дастури доирасида, туризм соҳасини ривожлантириш ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу ўринда, GIZ менежерлар малакасини ошириш юзасидан профессионал таълим дастур ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди.